Вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг 13 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Комиссия раиси Х.Муҳаммадиев бошқарган йиғилишда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда ҳарбий қисмлар командирлари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари раҳбарлари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар кўриб чиқилиб, тасдиқлаш учун ҳудудий сайлов комиссиясига Е-сайлов тизими орқали тавсия этилгани маълум қилинди.
– Вилоят бўйича мавжуд 1130 участка сайлов комиссиясига 12 минг 144 киши жалб этилмоқда, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. – Уларнинг 5598 нафари, яъни 46 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 289 та участка сайлов комиссиясига хотин-қизлар раҳбарлик қилади. Комиссия аъзоларининг 52 фоизи халқ таълими тизими ходимлари, 17 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, 10 фоизи жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат.
Мажлисда участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди ва бу ҳақдаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.