Шу йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайлов жараёнларини кузатиш мақсадида юртимизга келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) узоқ муддатли кузатувчилари Рут Ван Рейн ва Стивен Фарли Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиев ва комиссия аъзолари билан учрашув давомида халқаро кузатувчиларга Самарқанд вилояти ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 8 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи, шунингдек, туман ва шаҳар Кенгашлари учун 20 тадан 30 тагача сайлов округи тузилгани таъкидланди. Мазкур округлар бўйича 1130 та сайлов участкаси ташкил этилгани ва участка сайлов комиссиялари тузилиб, айни пайтда сайловга қизғин ҳозирлик кўрилаётгани қайд этилди.
Ўзаро мулоқот давомида меҳмонлар бу йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш жараёни, сайловчилар рўйхатини шакллантириш, овоз беришни ўтказиш учун кўрилаётган тайёргарлик, айни пайтда сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун яратилган шароитлар ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга комиссия масъулларидан жавоб олдилар.
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси
Матбуот маркази.