Самарқандда кеча 4777 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди

17.10.2024

176

msk_yangiliklari_in

Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот марказида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. 

 

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари иштирок этган тадбирда 27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик жараёнлари ҳақида маълумот берилди. 

 

– Комиссияси ўз ваколати доирасида вилоят ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, тумани ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириб бормоқда, – деди Самарқанд вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиев. – Сайловнинг асосий жараёни, яъни овоз бериш сайлов участкаларида амалга оширилади. Бугунги кунда вилоятда тузилган 1130 та сайлов участкаси комиссиялар фаолиятини амалдаги тартиб-коидаларга мувофиқ амалга оширишлари учун ҳамда овоз берувчиларга қулай шарт-шароитлар яратилган. Участкаларда номзодларга оид маълумотлар, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган намунадаги овоз бериш бюллетени ва уни тўлдириш тартиби жойлаштирилган. Шунингдек, сайловлар санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, участка комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали, фуқаролар мурожаати учун Марказий сайлов комиссиясининг ишонч телефони ёки электрон манзили, округ комиссияси, тегишли туман (шаҳар) суди ва прокуратураси телефон рақамлари акс эттирилган маълумотлар ҳам қўйилган.

 

       

 

Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳамда депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари белгиланган тартибда вилоятдаги 1130 та сайлов участкаларининг барчасига етказилди. Дастурлар сайлов участкалари ва ҳудуддаги аҳоли гавжум жойларига белгиланган тартибда жойлаштирилган.

 

Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу жараён кеча, 16 октябрдан бошланди ва дастлабки кунда вилоят бўйича 4777 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.

 

             

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан юборилган Қонунчилик палатаси сайлови бўйича икки турдаги, яъни бир мандатли сайлов округлари ва ягона сайлов округи бўйича ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайлови бўйича муддатидан олдин овоз бериш учун сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдордаги сайлов бюллетенлари участка сайлов комиссияларига етказиб берилган.

 

Бугунги кунда сайлов участкаларида СЖБАТдан сайловчилар рўйхатлари олиниб, барча танишиб чиқиши учун стендларга илиб қўйилган.

 

Матбуот анжуманида қайд этилишича, шу пайтгача вилоятдаги оммавий ахборот воситаларининг 65 ходими Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган.

 

Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

Матбуот маркази.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур