Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг бугун ўтказилган навбатдаги мажлисида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти масаласи кўриб чиқилди.
Комиссия раиси Х.Муҳаммадиев Марказий сайлов комиссиясининг кеча ўтказилган мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти тўғрисида” қарор қабул қилинганини таъкидлаб, унда мазкур жараённи ташкил этиш ва ўтказишда комиссияларнинг вазифалари белгилаб берилганини таъкидлади.
– Қарорда сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши белгиланган, – деди Х.Муҳаммадиев. – Сайловолди ташвиқоти даврида Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига қатъий риоя этилиши лозим. Қарорда белгиланганидек, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқотида фойдаланиш учун давлат оммавий ахборот воситаларидан бепул эфир вақти ва нашр майдони ажратилмоқда. Жумладан, вилоят телевидениеси ва радиосида ҳар бир сиёсий партия учун 150 дақиқадан, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталарида 2,5 саҳифадан нашр майдони берилади. Оммавий ахборот воситалари бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга зарур шарт-шароитлар яратиши, янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя қилиши талаб этилади. Ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан биргаликда сайловолди ташвиқоти мониторингини ташкил этади ва бу ҳақда ҳудудий сайлов комиссиясига кунлик маълумот тақдим этиб боради.
Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбати инобатга олнган ҳолда қуйидаги тартибда оширилади:
биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси;
иккинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;
учинчи – Ўзбекистон Экологик партияси;
тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси;
бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.
Йиғилишда сайловолди ташвиқотини олиб бориш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, комиссиянинг қарори қабул қилинди.
Мажлисдан сўнг вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев иштирокида брифинг ўтказилди. Унда комиссиянинг шу пайтгача амалга оширган ишлари юзасидан маълумот берилди.