Сайлов участкаларида жараёнга ҳозирлик 

27.09.2024

230

msk_yangiliklari_in

Шу йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловда Самарқанд вилояти аҳолиси 1130 та сайлов участкасига бориб овоз беришда қатнашади.

 

Мазкур сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг, ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш муассасалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг қарорига кўра тузилган.

 

 

 Сайлов участкаларининг 878 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 67 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 59 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, 14 таси ҳарбий қисм, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида ташкил этилган. Участкаларда овоз беришни ташкил этиш учун белгиланган талаблар асосида зарур шарт-шароит яратилган. Вилоят бўйича 64 та сайлов участкасида сайлов куни амалга ошириладиган тадбирларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилмоқда.

 

 

Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг 13 сентябрдаги қарори билан участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланган. Қарорга мувофиқ, мавжуд 1130 участка сайлов комиссиясига 12 минг 144 киши жалб этилган. Комиссия аъзоларининг 5598 нафари, яъни 46 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Мутахассислиги бўйича 52 фоизи халқ таълими тизими ходимлари, 17 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, 10 фоизи жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат.

 

 

– Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартиб бўйича шу пайтгача барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолари сайлов қонунчилиги ва сайлов куни бажариладиган вазифалар бўйича ўқитилди – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. – Дастлабки босқичда комиссия раиси ва ўринбосарлари, котиблар, сўнгра комиссия аъзолари учун барча туман ва шаҳарларда ўқув-семинарлар ташкил этилди. Бу машғулотларда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, маҳаллий экспертлар иштирок этиб, сайлов қонунчилигидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар тўғрисида иштирокчиларга батафсил тушунча берди. Назарий ва амалий ўқув машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, Е-saylov ва бошқа электрон платформалардан фойдаланиш тартиблари тушунтирилди. Шу пайтгача участка сайлов комиссияларга сайловга оид қўлланма ва кўргазмали воситалар етказиб берилди. Участкалар зарур техник воситалар, мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Айни пайтда барча участкаларда сайловчилар рўйхатларини тайёрлаш, овоз бериш жараёнларини ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

 

 

Вилоятнинг Нарпай туманида 55 та сайлов участкаси ташкил этилган. Участкаларнинг 48 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 2 таси мусиқа ва санъат мактабларида, 2 таси касб-ҳунар мактабларида, 1 таси давлат хизматлари марказида, 1 таси хизмат кўрсатиш техникумида, 1 таси (махсус) туман тиббиёт бирлашмасида жойлашган. Дастлабки маълумотларга кўра, бу участкаларда 113 минг нафардан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган. Барча сайлов участкаларида комиссия аъзолари ва сайловчилар, кузатувчилар учун зарур шарт-шароит яратилган. Биноларга олиб борувчи ички йўллар таъмирланган. Сайлов участкаларида овоз бериш кабиналари, овоз бериш учун мўлжалланган катта ва кўчма қутилар мавжуд.

 

 

Вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам сайлов участкаларини жараёнга тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда.

 

Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот хизмати.

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур