9-11 сентябрь кунлари Самарқанд вилояти шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов олдидан сайлов комиссиялари раис, ўринбосар ва котиблари учун ўқувлар ўтказилди.
Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан сайловга қадар ва сиёсий жараён куни комиссия аъзолари томонидан бажариладиган юмушлар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарий ва амалий тарзда ўргатилди.
Машғулотларда аввалги сайлов жараёнларида йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг олдини олиш, бу борада қандай йўл тутиш кераклиги таъкидланди.
– Ўқув давомида ўрганганларимиз сиёсий жараённи қонун талаблари асосида, бекаму кўст ўтказишимизга ёрдам беради, – дейди Зебо Абдуллаева. – Аввал ҳам сайлов комиссиялари ишида қатнашган бўлсак-да бу йилги сайловда қонунчиликда жуда кўп ўзгаришлар бор ва уларни пухта ўзлаштиришимиз талаб этилади. Машғулотларда Сайлов кодексидаги ҳар бир ўзгариш, қўшимча ва унинг аҳамияти тушунтириб берилди.
Тренинглар давомида иштирокчиларга сайлов комиссиялари тизими ва фаолиятнинг асосий жиҳатлари, сайловчилар рўйхатларини тузиш, муддатидан олдан овоз беришни ташкил этишда сайлов қонунчилигига риоя қилинишини назорат қилиш, овоз бериш куни ва унга тайёргарлик, сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорлик, сайлов натижаларини аниқлаш каби масалалар батафсил тушунтирилди.
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси
матбуот маркази