Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказувчи комиссия аъзолари иштирокидаги ўқув-амалий машғулотлар давом этмоқда.
Навбатдаги икки кунлик семинар халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та округ сайлов комиссияси раис ва раис ўринбосарлари ҳамда котиблари иштирокида ташкил этилди.
– Жорий йил бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлик сайловлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда, - дейди семинарда қатнашган Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов. – Қолаверса, сайлов қонунчилигимиздаги асосий янгилик бу илк бор аралаш сайлов тизимининг жорий қилиниши бўлди. Яъни, депуталаримизнинг 75 нафари бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал тизими бўйича сиёсий партиялар томонидан бериладиган номзодлар рўйхати орқали шакиллантирилади. Янгиликлардан яна бири ҳудудлар бўйича туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округлар мавжуд, аммо улар учун сайлов комиссиялари тузилмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш учун Самарқандда 8 округ тузилиб ҳар биридан бир нафардан депутат сайланиши белгиланди. Мазкур сайлов округлари бўйича ҳам округ сайлов комиссиялари ваклоати тегишинча туман ва шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилди.
Ўқув семинарда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари томонидан бу йилги сайловнинг аввалгилардан фарқли жиҳатлари, олдинги сайловларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилмоқда.
Шунингдек, округ сайлов комиссиясининг сайлов кунидаги фаолияти, сайлов якунлари, овоз бериш натижаларини тўплаш каби жараёнлар амалий машғулотлар орқали кўрсатиб ўтилмоқда.